Наманган муҳандислик-технология институти томонидан АҚШнинг Техас Университети профессори, доктор Рави Прокаш Данига хизмат кўрсатган фахрий профессор унвони берилди. Бу ҳақдаги махсус диплом америкалик олимга институтда ташкил этилган “Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси самарадорлигини оширишда маркетинг концепцияларидан фойдаланиш муаммолари” мавзусида халқаро илмий анжуман доирасида тантанали равишда топширилди.

Маълумот ўрнида, Рави Прокаш жорий ўқув йили аввалида институтнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳаси талабалари учун “Ўсимликшунослик ва пахтачилик” фанидан 40 соатлик дарс машғулотларини олиб борди. Аграр соҳа профессор-ўқитувчилари учун мастер-класс ўтиб берди. Шунингдек, унинг ташаббуси билан институтда АҚШ, Ҳиндистоннинг етакчи олим таълим муассасалари ва институт ўртасида видео-конференция ҳам ташкилланди.

Рави Прокаш Наманганга бу галги ташрифи чоғида институтнинг “Саноат ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва иқтисоди” кафедраси билан ҳамкорликда иқтисодий таълим йўналишлари талабалари иштирокида жонли мулоқот ва “Ишлаб чиқариш менежменти” мавзусида очиқ маъруза ўтказди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ҳукуматининг 2019 йил 25 февралдаги 133-ф-сон фармойиши билан тасдиқланган “2019 йилда халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техникавий анжуманлар режаси”га киритилган ушбу анжуманда Рави Прокашнинг “Илғор ривожланган мамлакатлар тажрибаси мисолида таълимнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришдаги роли” мавзуидаги маърузаси катта қизиқиш билан тингланди.

Мазкур халқаро анжуман давомида АҚШ, Россия Федерацияси, Украина, Белорус давлатлари ҳамда юртимизнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари, вазирликлар, уюшмаларидан юборилган 120 дан зиёд маърузалар қабул қилинди.

Институт катта мажлислар залида кечган ялпи мажлис ва учта аудияторияда бўлган шўъбалар бўйича анжуманда Ўзбекистон фанлар академиясининг академеги Саидаҳрор Ғуломов, “Ўзтўқимачилик саноати” уюшмаси бўлим бошлиғи Сардор Одинаев, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисод фанлари доктори Мурод Икромов, республика Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бўлим бошлиғи, техника фанлари доктори Фарход Рахимов, Наманган муҳандислик-технология институти профессори, иқтисод фанлари доктори Аҳмаджон Солиевларнинг Ўзбекистонда Президент фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган муҳим ва долзарб вазифалар, кенг қамровли ислоҳотлар ижросини изчил таъминлашда маркетингнинг роли ҳақидаги амалий таклифларга бой маърузалари ҳам тингланганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Оқилхон Дадабоев,

Наманган муҳандислик-технология институти матбуот котиби.

© namangan24.uz

--> -->