Наманган “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг жорий йилнинг ўтган даври фаолияти сарҳисобига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги брифингда ташкилотнинг вилоят кенгаши раиси Абдулазиз Мўминов иттифоқнинг ўтган 6 ойлик фаолияти юзасидан батафсил маълумот берди.

Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги Фармон ва қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқарма ҳамда бўлимлари ташкил этилди. Эндиликда бу янги тузилма ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширилишини мувофиқлаштириб боради.

Брифингда қайд этилганидек, ёшлар иттифоқи томонидан ўғил-қизларнинг орзу интилишларини рўёбга чиқариш, иқтидор соҳибларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ишчиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни кичик бизнесга йўналтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ва ўз бизнесини юритаётган ёшларга 240 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. 1250 нафар йигит-қизни иш билан таъминлашга эришилди.  

Жорий ўқув йили давомида Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, вилоятдаги олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган 214 нафар талабага 599 миллион сўм давлат бюджети ҳисобидан ажратилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етим, имконияти чекланган ёшлардан беш нафарига тўлов шартнома маблағларининг муайян бир қисми тўлаб берилди.

Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилалар учун вилоятда жорий йилда 80 та намунали “Ёшлар уйлари”ни барпо этиш режалаштирилди. Муҳими, уларни адолатли ва шаффоф тақсимлаш механизми жорий этилди.

Ёзги таътилда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан давлат раҳбариятининг кўмаги билан Косонсой туманида жойлашган “Соҳил” болалар дам олиш оромгоҳи Ёшлар иттифоқи тасарруфига, бошқача айтганда ижодкор ёшлар ихтиёрига топширилгани айни муддао бўлди.

Ҳаёт бир текисда давом этмаганидек, қони қайноқ айрим ёшлар жиноят кўчасига кириб қолаётгани ҳам бор гап. Ёшлар иттифоқи ўзига берилган ваколатдан фойдаланган ҳолда қинғир ишга қўл урган, аммо айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тўғри йўлдан юришга қатъий аҳд қилган чапани ўсмирларни ўз шафелигига олаётгани эътиборга молик. Ўтган давр мобайнида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиб, жавобгарликка тортилган 169 нафар ёш иттифоқ кафиллигида суд залларидан озод этилганини айтиб ўтиш жоиз.

Брифингда сарҳисоб даврида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилгани, буларни бартараф этишда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларнинг ҳиссаси катта бўлгани таъкидланди. Тадбир якунида Ёшлар иттифоқи билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган бир қатор ижодкорларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Оқилхон Дадабоев,

namangan24.uz ахборот-таҳлилий портали бош муҳаррири.

--> -->