Сир эмаски, ҳаво ҳарорати тушиши ортидан юртимизда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бундан айниқса чекка қишлоқлардаги аҳоли кўпроқ жабр кўряпти. Табиий газ ва бошқа қулайликларнинг йўқлиги сабаб, одамларнинг ёлғиз илинжи электр бўлиб қолади-да...

“Свет қачон ўчмайди?” деган саволга Наманган вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари Жаҳонгир Риззаев “Агар шу саволнинг жавобини билганимизда бу ерда ўтирмаган бўлардик...”, дея жавоб қайтарди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар билан учрашувда мутасаддилар ўткир саволларга атрофлича жавоб қайтардилар. Гап энди тизим масъуллари ўз гапларига жавоб беришларида қолди.

Хуллас, бошлиқ Жаҳонгир Носиржоновичнинг саволларга тезкор ва таҳлилий жавоби билан эътиборимизни тортди. Қуйида унинг айрим фикрларини келтирамиз:

- Ўзбекистонда электр энергияси нархи бошқа мамлакатларга қараганда энг арзон, яъни 1 киловат/соати 295 сўм.

- Биз ҳам “свет” ўчишини истамаймиз, чунки аҳолини электр энергияси билан таъминлашдан давлат манфаатдор.

- Электр токи узилиши оқибатида зиён кўрган тадбиркорлик субъектига, агар айб ҳақиқатда бизнинг корхонада эканлиги исботланса, молиявий зарарни тўлаймиз.

- Мазкур саволларга аниқ жавоб беришимиз учун ҳали кўп ишлашимиз керак.

- Ҳозир ҳафтада бир, яъни жума куни йиғилиш ўтказяпмиз, холос. Авваллари эса ҳар куни видеоселектор йиғилиши қилинарди.

Ақлли дейилаётган “АСКУЭ” ҳисоблагичи нотўғри ишламаяпти. Ишонмасанглар, мен билан бирга стандартлаштириш бошқармасига борсангиз, исботлайман.

(Тушундикки, бу ҳисоблагич мобиль телефонни қувватлаганда ҳам айланаётгани сабабли одамларда “Янгиси тез айлантираркан, кўп ҳисобларкан, ҳақингизни қарзга чиқариб қўяркан!..” деб ўйлаётган бўлишлари мумкин – муаллиф изоҳи)

- Фаолиятимиздаги камчиликларни интернетда рўй-рост очиб бераётган барчага, айниқса, сиз, журналист ва блогерларга алоҳида раҳмат. Танқидий материалларингизга 24 соат ичида, албатта, муносабат билдирамиз, дея қўшима қилди Жаҳонгир Риззаев.

Орифжон Жўраев,
журналист.

© namangan24.uz

--> -->