Феруза Муқимова, Наманган шаҳридаги “Жаҳон Жавоҳири инвест” МЧЖ бош ҳисобчиси:

- Кўп йиллик тажрибага эга ҳисобчи сифатида айтишим мумкинки, ҳозиргача амал қилиб келинаётган солиқ маъмуриятчилигида кўплаб ноаниқликлар борлиги, бу эса кичик бизнес, тадбиркорлик, инвестиция соҳалари равнақига тўсиқ бўлаётганлиги, мавжуд ставкаларнинг юқорилиги инсофли солиқ тўловчиларга қийинчилик туғдираётган эди. Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони бу йўналишда туб бурилиш бўлди, десак адашмаймиз.

Эътиборлиси, 2019 йил 1 январидан ишчи-хизматчиларнинг даромад солиғидаги 4 поғонали ставканинг яхлит 12 фоизга тушурилиши, шунингдек, суғурта бадалларининг бекор қилиниши ходимларнинг ойлик маоши ошишига, янгидан-янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлайди.

Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, ишчи-хизматчиларимизнинг 2018 йилдаги даромад ва суғурта бадаллари фонди 73,1 миллионга тенг бўлган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 57,6 миллион сўмни ташкил этар экан.

Хўш, бу нимани англатади? Бу шундан иборатки, 15,5 миллион сўм давлат бюджетига эмас, балки ходимларимизнинг чўнтагига тушади. Ўз-ўзидан ишчи-ходим бу маблағни рўзғорига сарф этади. Қарабсизки, даромад юқори бўлган жойда, албатта иш сифати, унумдорлиги ошади.

Лутфулло Сулаймонов, Наманган шаҳридаги “LEAZING BONUS МЧЖ” бош ҳисобчиси:

- Биз ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланамиз. Ишчиларимиз сони 215 нафарни ташкил қилади. Йиллик товар айланмамиз 10 млрд. сўмдан ортиқ. Корхона томонидан 2018 йилда мақсадли жамғармаларга жами 320 млн. сўм  мажбурий ажратмалар тўладик.

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–508-сонли Қонунига асосан, 2019 йилдан мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмаларнинг бекор қилинганлиги ўртача 320,0 млн. сўм маблағларни бизнинг корхона ихтиёрида қолишига олиб келади. Албатта, биз буни корхонамизда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ва ишчиларимизнинг ойлик маошларини оширишга сарфлашга қарор қилдик.

Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

© namangan24.uz

 

--> -->