Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун - 2022 йил 23 февраль куни ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини бошлади.


Бу гал янгиликлар, ўзига хос жиҳатлар кўп. Хусусан, биринчи рақамли борт илк бор Тошкентдан Мўйноққа келади. Ташриф ҳам, аввалгилардан фарқли равишда, уч кун бўлади.
“Мўйноққа Тошкент вилояти томонидан 32 млрд маблағ ажратилди. Мен яна қўшимча 40 млрд беришга тайёрман. Агар зарур бўлса, яна ажратаман. Бу тўғридан тўғри пуллар, яна инвестицион маблағлар ҳам бор. Мана, болаларимизга бепул овқатлантиришни йўлга қўйдик. Овқатланяптими болаларимиз?” - деди Президент.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев бунга жавобан шундай деди: “Ҳа, айни пайтда 142 минг нафар болаларимиз бепул овқат билан қамраб олинди. Ҳатто уйларига ҳам олиб кетишяпти”.

“Майли, уйига олиб кетса ҳам. Еса, соғлиғи тикланса бўлди. Худо хоҳласа, пулимиз кўпайса, уйларига ҳам қилиб берамиз. Бу ҳам Қорақалпоғистонга хос тажриба бўлди, энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Насиб қилса, аста-секин юқори синфларга ҳам йўлга қўямиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Мўйноқ Қорақалпоғистоннинг ташриф қоғозига айланиши керак.

“Шунча йил Нукусга келиб қарсак чалиб кетавердик, лекин Мўйноқда ўзгариш бўлмади. Минбарлардан туриб, 30 йил “Орол, Орол” дедик. Лекин бирорта валламатнинг ўзи келиб Оролни ўз кўзи билан кўрмади. Энди бундай бўлмайди, галстукни ечиб, ишлаш пайти келди”, – деди Президент. 

Дарвоқе, Президентнинг ўзи ҳам учрашувга галстуксиз келган.

© namangan24.uz

--> -->