2 сенятбрь - Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни хотирлаш куни деб эълон қилинган. Бундан роппа роса уч аввал азиз Йўлбошчимиз 78 ёшида вафот этган эдилар.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва қарори билан Биринчи Юртбошимизнинг порлоқ хотираси абадийлаштирилди. Республикамиздаги диққатга сазовор бўлган объектлар ва кўчаларга Ислом Каримовнинг номи берилди. Ўтган йили Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида “Биринчи Президентимизнинг қатъияти ва жасорати билан юртимиз мустақилликка эришган, тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритган. Ислом Каримовни қанча эъзозласак, халқимизга, ёшларимизга маънавият етказган бўламиз.”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистонни мустақил давлатини сифатида бунёд этилиши, жаҳон майдонида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлишига улкан ҳисса қўшди. Она Ватанимиз бахту саодати, униб ўсиб келаётган ёш авлод камоли йўлида садоқат билан меҳнат қилди.

Халқимизнинг атоқли ва ардоқли фарзанди, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич наманганлик ёшларга алоҳида меҳр ва эътибор билан қарардилар. Наманган вилоятига ҳар галги қилган ташрифлари ёш авлод вакилларининг иштирокисиз ўтмас эди.

2011 йил, 30 сентябр. Наманган шаҳри, “Ёшлар маркази” биноси. Ислом Каримов ўзининг ноёб иқтидори ва маҳорати, изланишлари билан тенгдошларига намуна бўлаётган вилоятнинг фаол ёшлари билан учрашиб, дилдан мулоқотда бўлди. Ўша тарихий учрашувда раҳматли бобомиз Ислом Абдуғаниевич назарларига тушган ёшлар бугунги кунда жамиятда ўз ўринларини топиб, Ватанимиз юксалишига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Масалан, Наманган шаҳридан Иброҳим Ҳожиев бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати (мамлакат парламентининг энг ёш депутати), Зулфия номидаги давлат мукофотини қўлга киритган чортоқлик шоира Меҳриноз Аббосова Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Республика ёш ижодкорлар уюшмаси раҳбари, Поп туманидан Нозима Рўзиматова Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Наманган шаҳар Кенгаши раиси, "Шуҳрат" медалига лойиқ деб топилган Наманган шаҳри фарзанди Исломбек Қутфиддинов "Имрон текстиль" хусусий ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари ва "Ёшлар келажагимиз" ёш тадбиркорлар жамғармаси Наманган шаҳар бўлими раиси, "Шуҳрат" медалига муносиб кўрилган чустлик Зулайҳо Зайниддинова Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти Кенгаши бўлим мудири, стол тенниси бўйича олти карра Ўзбекистон чемпионлигига сазовор бўлган Музайян Муҳаммаджонова ўзи туғилиб ўсган Чуст туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийси сифатида самарали иш олиб боришмоқда. Ўша пайтда Наманган шаҳридаги 55-мактабнинг бошланғич синф ўқувчиси бўлган истеъдодли нотиқ ва шоир Орифжон Олимжонов Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида таҳсил олмоқда.

Наманган аҳли бундай юксак салоҳиятли ўғил-қизлари билан ҳали равишда фахраланади. Заковатли ёшларимиз эришган салмоқли ютуқларида Биринчи Президентимизнинг берган мотивациялари алоҳида ўрин тутганлигини эҳтиром билан тилга олишади. Зеро, Ислом Абдуғаниевич, Ўзбекистондаги ҳар бир ёшни менинг фарзандларим, дея ардоқлар эдилар. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деган даъватлари ҳар бир ўзбекистонлик ёшнинг онгу шуурига муҳрланиб қолган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз!

Илоҳим, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг жойлари жаннатда бўлсин, Яратган Ўз раҳмати билан мукофотласин. Сиз доимо қалбимиздасиз, азиз Юртбоши!

Оқилхон Дадабоев,

журналист.

© namangan24.uz

--> -->