Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилояти кенгашининг кенгайтирилган  мажлиси партиянинг янгиланган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларининг муҳокамаси, шу йил декабрда бўладиган мамлакат парламенти ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида самарали иштирокини таъминлаш масалаларига бағишланди.

O‘zLiDeP Наманган вилояти кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов ўз сўзида 2017 – 2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакат ижтимоий майдонида яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши ва бошқа бир қанча омиллар бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари ва кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтишини таъкидлади.

Бу эса, ўз навбатида, O‘zLiDePнинг барча тузилмалари, депутатлик корпуси олдига партиянинг ушбу сайловларда муносиб ва самарали иштирокини таъминлаш борасида қатор вазифалар қўяди. Ушбу вазифалар турли даражадаги вакиллик органлари депутатлигига муносиб номзодларни, партия кузатувчилари, ишончли вакилларини танлаб олиш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини, ҳуқуқий онгини ошириш масалаларидан тортиб, то партиянинг ўз электорати, сайловчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, замонавий PR-технологиялардан фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади. 

Йиғилишда партиянинг охирги икки йилдаги фаолиятини танқидий-таҳлилий ўрганиш, бўлажак сайловларга тайёргарлик борасидаги ишларни замон талабларидан келиб чиқиб, мутлақо бошқатдан, янгича ва инновацион ёндошувлар асосида қайтатдан қуриш лозимлиги қайд этилди.

Мажлисда тараққиётимизнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш ҳар бир идора ва ташкилотнинг устувор вазифасига айлангани эътироф этилди. Шу боис, O`zLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси қарори билан ўтган 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида ишчи гуруҳлар шакллантирилди ва жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди.

Биргина жорий йилнинг июнь ойида ишчи гуруҳлар жойларга навбатдаги чиқишларни амалга оширди ва ҳар бир туман кесимида 400 тадан хонадонга ташриф буюрди.

Шу ўринда айтиш керакки, ўтган 2018 йил давомида O`zLiDeP вилоят кенгаши томонидан барча ҳудудларда аҳоли вакиллари билан мингдан зиёд амалий мулоқотлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилиб, уларда 46 мингга яқин аҳоли вакиллари қатнашди. Натижада, йил давомида 12 минг 800 нафар киши партия аъзолигига қабул қилинди.

Хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг касаначилик, томорқа, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик йўналишларида микробизнесни йўлга қўйиш ва уни юритишдаги муаммолар билан бир қаторда Президентимиз томонидан жуда жиддий эътибор қаратилаётган ҳудудлардаги инвестиция йўналишида маҳаллий тадбиркор ва фермерлар олдида турган муаммолар, сунъий тўсиқ ва ғовлар жойида ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Лекин мазкур йўналишдаги ишлар самараси ҳали етарли даражада эмаслиги, бу борадаги партиявий тузилмалар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди. 

Мажлисда шунингдек, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, жамиятимиз ривожида “билим жамияти”, “билим иқтисодиёти” каби тушунчалар негизида кадрлар малакасини ошириш, ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш, уларнинг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳудудий партия ташкилотларини ахборот-коммуникацион технологиялар, сайловларга оид зарур услубий қўлланмалар билан таъминлаш, партия ташкилотларининг ўз биносига эга бўлишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлажак сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

O`zLiDeP Наманган вилояти кенгаши ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->