Косонсой туманида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ташаббуси билан “Инсон азиз, хотира муқаддас” шиори остида спортнинг мини футбол тури бўйича хотира турнири ўтказилди.

Мусобақанинг тантанали очилишида сўзга чиққан Косонсой тумани ҳокими Баходир Юсупов, Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси Абдулазиз Мўминов шу йилнинг 19 март куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш борасида илгари сурилган муҳим бешта ташаббуснинг маъно-мазмуни, мақсад-вазифалари ҳақида гапирдилар.

Таъкидлаш жоиз, мазкур турнир ҳам ана шу бешта ташаббуснинг иккинчиси - ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишдек эзгу мақсадни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.

Мусобақада тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшларидан шаклланган 16 та жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда Олимпия цикли қоидалари асосида ғолиблик учун куч синашдилар.

Турнирнинг ҳал қилувчи финал учрашувида “Соҳибкор” жамоасини 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган “Гулобод” жамоаси “Ёшлар кубоги”ни қўлга киритди. Учинчи ўрин учун кечган беллашувда “Обод” жамоасини мағлубиятга учратган “Ёшлар иттифоқи” футболчилари ҳам совриндор жамоалар сафидан жой олишди.

Турнирда фахрли ўринларни эгаллаган жамоалар, маҳоратини намоён этган ёш футболчилар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->