Наманган спорт мактаби тарбияланувчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси Шукуржон Раҳимов профессионал боксдаги фаолиятини муваффақиятли бошлади.

Куни кеча Россия Федерациясининг Калининград шаҳрида ташкил этилган бокс оқшомида 58,9 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан ватандошимиз дебют жангини Жанубий Африка Республикаси вакили Рипфумело Чиквамбанага қарши ўтказди.

Африкалик чарм қўлқоп устаси ҳозирга қадар профессионал бокснинг WBO йўналишида тўққиз марта рингга кўтарилиб, шундан олтитасини ғалаба билан якунлаган эди. Бу борада рақиб руҳий устунликка эга бўлсада, Шукуржон олти раунд тўлиқ давом этган жангда ҳакамлар бир овоздан наманганлик боксчининг яққол ғалабасини қайд этдилар.

Россиянинг жаҳонга машҳур “Патриот” промоуторлик ширкати билан уч йил муддатга шартнома имзолаган Шукуржон Раҳимовнинг катта боксдаги қадамлари қутлуғ келди. Ҳозирда маҳоратли мураббий Эдуард Кравцов қўл остида шуғулланаётган боксчимиз “профи-ринг”да навбатдаги жангини 28 февраль куни Россиянинг Краснодар ўлкасида ўтказишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, 1996 йилда туғилган Шукуржон Раҳимов бокс сир-асрорларини Наманган Олимпия захиралари коллежида (ҳозирги Наманган шаҳар ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати) устоз-мураббийлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Лочин Қўчқоров ва Акрамжон Дадабоевлардан ўрганган. Кейинчалик у таҳсилни Наманган давлат университетида давом эттирди. Олийгоҳни тамомлаганидан кейин Шукуржон айни вақтда Наманган шаҳар ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернатида мураббий сифатида фаолият юритмоқда. Ўзбекистон чемпионатлари ва халқаро турнирларда ғолиб-совриндорлар бўлган Шукуржон 2019 йил июль ойида Таиланднинг Бангкок шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритган.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->