Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси футбол бўйича 2021 йилги мамлакат суперлигасини 39 очко билан 6-ўринда якунлади. Ўз олдига қўйган марраларни эгаллай олмаган, камчиликлардан етарли хулоса чиқарган клуб раҳбарияти янги мавсум тараддудини ҳозирданоқ бошлаб юборди.

Келгуси мавсумга янги бош мураббий – Самвел Бабаян бошчилигида киришадиган “Лочинлар” ўз режаларини босқичма-босқич амалга оширишга киришди.

Хусусан, жорий йилги мавсумда ажойиб ўйинлари билан “Навбаҳор” ғалабаларига муносиб ҳисса қўшган - Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилар – дарвозабон Ўткир Юсупов ва ҳимоячи Давронбек Ҳошимов, шунингдек, иккинчи даврада жамоа сафига қўшилган сербиялик ҳимоячи Боян Цигер кейинги мавсумни ҳам Наманганда ўтказадиган бўлишди. Ушбу футболчилар билан амалдаги шартнома муддати узайтирилди.

Маълумот ўрнида, Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов суперлиганинг ёпилиш маросимидаги нутқида “Навбаҳор”ни юқори  натижаларни кўрсата олмаганлигига, мавсум аввалида таркиб яхши шакллантирилмаганлиги ва мураббийлар томонидан селлекция ишлари талаб даражасида олиб борилмагани сабаб бўлгани таъкидлаб ўтганди.

© namangan24.uz

--> -->