Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида старт олган Ўзбекистон Суперлигасининг 5-тури доирасидаги “Навбаҳор”-“Сурхон” жамоалари ўртасидаги учрашув ҳозиргина ўз поёнига етди.

Қизиқарли ва муросасиз курашлар остидаги ўйин мезбон сифатида тўп сурган “Навбаҳор”нинг ҳужуми билан бошланди. Илк дақиқадаёқ хавфли вазиятни вужудга келтирган Александр Касьяннинг рақиб жарима майдони ичидан йўллаган зарбаси ноаниқ кетди.

Учрашувнинг 38-дақиқасида “Сурхон” посбони Асилбек Амонов ўз жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. У тиниб-тинчимас Саша Касьяннинг зарбасини катта қийинчилик эвазига бартараф этиб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Айтиш жоиз, воҳаликлар ўйиннинг биринчи таймида айтарли хавфли вазиятни вужудга келтирира олишмади, аниқроғи бунга “Лочинлар”нинг мудофаа чизиғи йўл қўймади.

Икки таймда ҳам Андрей Канчелексис шогирдлари ўйин суръатини кучайтиришди. 59-дақиқада Азимжон Аҳмедов олис масофадан йўллаган зарбасидан кейин тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. 62-дақиқада болқонлик легионер Славко Лукичнинг стандарт вазиятдан йўллаган тўпини термизликлар посбони Асилбек Амонов ушлаб олди.

Беллашувнинг 74-дақиқасида стадионга тўплаган мухлислар гол дея хайқиришди, Иван Соловьевнинг қанотдан узатган “паси”дан кейин Обид Жўрабоев рақиб жарима майдончаси ичида “Сурхон” дарвозасини ишғол қилди. 1:0.

Ўтказиб юборилган голдан кейин воҳаликлар вазиятни ўзгартиришга уриниб кўришди. 85-дақиқада Аюбхон Нўъмоновнинг кучли зарбасини “Лочинлар” посбони Ўткир Юсупов қайтаришга эришди.

Учрашувнинг асосий вақти якунланишига бир дақиқа қолганда Азимжон Аҳмедов ажойиб тарзда гол уриб, ўртадаги фарқни иккитага оширди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар якунида Александр Касьян “Сурхон” дарвозасига тўп киритиб, “Навбаҳор”нинг йирик ғалабасини таъминлади.

Шундай қилиб, 3:0 ҳисобида “Сурхон” устидан ажойиб ғалабага эришган “Навбаҳор” футбочилари супурлигани мағлубиятсиз ўтказаётган термизликларнинг зафарли “одими”ни тўхтатиш асносида ўз мухлисларга завқли онларни улашдилар.

Баракалла, “Навбаҳор”!

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->