Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳида “Навбаҳор” профессионал футбол клубининг янги бош мураббийси Деян Журжевични таништирув маросими ўтказилди.

Тақдимот маросимида клуб раҳбарияти, жамоа аъзолари, мухлислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси, сенатор Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан вилоятимизда футболни ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар қилинаётганлигини қайд этди. Шунинг баробарида, вилоятда футболни ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш бўйича ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлигини таъкидлади.

Бугунги кунда вилоятимизда туғилиб, униб ўсган бир қатор истеъдод эгалари Наманганда эмас, балки пойтахтимизнинг кўзга кўринган футбол академияларида камол топиб, донгдор жамоаларда тўп сураётганлигини айтиб ўтди. Туманлардаги футболга ихтисослашган спорт мактабларида моддий техник база етарли эмаслиги, ҳаттоки, инвентарлар, оддий комтоклар йўқлигини куюниб гапирди. Ўзимизда вояга етаётган навниҳоллардан ақалли беш нафаринигина тарбиялаганимизда эди, бугун кўзлаган мақсадларимизга етиб, сезиларли натижаларни қўлга киритган бўлардик, - деди вилоят ҳокими. – ушбу муаммоларни бартараф этиш йўлида вилоятимиздаги мавжуд тўртта футбол мактабларига 300 миллион сўм маблағ ажратилади.

Вилоят раҳбари янги бош мураббий ва “Навбаҳор” жамоасига омад ёр бўлишини тилаб, тақдимотга келган ишқибозларни мухлислик маданиятига риоя этишга чақирди.

Тантанали маросимда Деян Журжевич расман “Навбаҳор” жамоасининг бош мураббийси этиб таништирилди. Шундан сўнг, Наманган шаҳар ҳокими, клуб раҳбари Шавкатжон Абдураззоқов ва Деян Журжевич 1 йилу 6 ойга, яъни 2020 йил якунига қадар мўлжалланган шартномага имзо чекдилар.

Бош мураббий Деян Журжевич сўзга чиқиб, Наманган футбол борасида катта салоҳиятга, имкониятга эга эканлигини таъкидлаб, клуб раҳбарияти олдига қўйилган вазифаларни шараф билан адо этишга чақирди. Жамоа сардори Жаҳонгир Меҳмонов, россиялик легионер Игорь Голбан яратиб берилаётган шарт-шароитлар учун клуб раҳбариятига миннатдорлик билдириб, янги бош мураббий билан бирга Осиё чемпионлар лигасига йўлланма олиш учун курашишга ваъда бердилар.

Маълумот ўрнида, Деян Журжевич 1967 йилда Юговславия (Ҳозирги Сербия)да туғилган. Футболчилик фаолияти давомида ҳимоя чизиғида тўп сурган. Сербиялик мутахассис Ўзбекистонга бегона эмас. У 2011-2012 йилларда “Пахтакор”да бош мураббий сифатида, кейинчалик Ўзбекистон миллий терма жамоасида техник директор лавозимида иш олиб борган. Европалик мутахассиснинг охирги иш жойи Сербиянинг "Земун" клуби ҳисобланади. Дарвоқе, Деян Журжевич Сербиянинг “ОФК” жамоаси билан чемпионатнинг бронза медалини қўлга киритишга эришган. “Навбаҳор” жамоасида унга сербиялик кўзга кўринган мутахассислардан бири Саша Кляич ва маҳаллий мутахассис, “Навбаҳор” тарбияланувчиси Шерзод Жўраев ёрдамчи мураббий вазифасида кўмаклашадилар.  

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий чемпионати суперлигасининг кейинги ўйинларида муваффақиятсиз иштироки сабабли “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи, россиялик Андрей Канчелськис клуб раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилган эди.

“Лочинлар” мамлакат суперлигасининг ўтган 12-турини “Бухоро” жамоасига қарши бош мураббийсиз ўтказиб, 3:1 ҳисобида ғалаба нашидасини суриб, мусобақа жадвалининг 4-поғонасига кўтарилиб олди.

Қайд этиш жоиз, жорий мавсум аввалида бўлиб ўтган клуб тақдимот маросимида севимли жамоамиз олдига чемпионлик учун курашиш вазифаси юклатилгоан эди. Ўз зиммасига юқори мақсадларни қўйган “Навбаҳор” футболчилари россиялик таниқли мутахассис бошчилигида суперлигани ажойиб натижалар билан қарши олдилар. Бироқ кейинги учрашувларда “Лочинлар” клуб раҳбарияти ва мухлислар талаб қилган мазмунли футбол ўйнашни унутдилар. Табиийки, бундай ёқимсиз ҳолат вилоят футбол ассоциацияси раҳбариятини қониқтирмади. Бош мураббий Андрей Канчелськисга 11-турдан сўнг “чиқиш эшиклари” кўрсатилди.

Маълумот ўрнида, Андрей Канчелськис “Навбаҳор” бошқарувида жами 19 учрашув ўтказди. Шундан 6 тасида севимли жамоамиз ғалаба қозонган бўлса, шунча ўйинда майдонни боши эгик ҳолда тарк этган. 7 та беллашувда эса дуранг натижа кузатилди. Тўплар нисбати эса 20-22ни ташкил қилди.

Оқилхон Дадабоев,

Муаллиф олган суратлар.

© namangan24.uz

--> -->