“Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан Чортоқ туманида спортнинг “ёзги биатлон” тури бўйича вилоят ҳокими кубоги учун вилоят биринчилигининг дастлабки босқичи ўтказилди.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкилланган мусобақада 9 ёш ва ундан катта бўлган 66 нафар ўғил ва 62 нафар қиз бола, жами жами 128 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мусобақа давомида ўғил болалар ва қизлар 1 минг метр масофа бўйлаб югуриш ҳамда ҳаво милтиғида 5 метр масофадан нишонга отишда беллашдилар. Ўсмирлар, ёшлар, эркаклар ва аёл-қизлар эса 5 минг метр масофага югуриш ҳамда 10 метр масофадан нишонга отиш борасида ўз маҳоратларини кўрсатдилар.

Мусобақанинг илк босқичида барча йўналишларда энг юқори натижаларга эришган Уйчи тумани спортчилари умумжамоа ҳисобида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Косонсой тумани жамоаси фахрли иккинчи ўринда қайд этилди. Илк босқичнинг кучли учлигини тўрақўрғонлик биатлончилар якунлаб берди.



Тантанали тақдирлаш маросимида Чортоқ тумани ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Ҳакимова, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев ғолиб спортилар ва жамоаларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғаларини тақдим этдилар.

Мусобақанинг кейинги босқичи Уйчи туманида ташкил этилиши режалаштирилган. Вилоят биринчилиги якунлари бўйича ғолибликни қўлга киритадиган жамоа вилоят ҳокимининг кубогига сазовор бўлади.

Оқилхон Дадабоев,

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали раҳбари.
Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар.

--> -->