Молия вазирлигида “Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш” лойиҳаси юзасидан ўтказилган тендер ғолибини аниқлаш бўйича тадбир бўлиб ўтди.

ЎзА хабар беришича, лойиҳа Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Осиё тараққиёти   банки кўмагида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” акционерлик жамияти ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда.

Мутахассислар таъкидлаганидек, молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўлов борасида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги Гернси оролининг “Metito Utilities Limited” компанияси томонидан 97,5 миллиард сўм ва Нидерландия давлатининг “Almar Water Solutions BV” консорциум компанияси томонидан 103,1 миллиард сўм таклифи билдирди.

Тадбирда "Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш" лойиҳаси бўйича тендер комиссияси аъзоларининг фикри эшитилди. Мазкур лойиҳа борасида идоралараро тендер комиссияси томонидан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг “Metito Utilities Limited” компанияси молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўловнинг энг паст нархини, яъни йиллик тўлов 9 миллион доллар таклиф этди ва халқаро тендер ғолиби, деб топилди.

– Бугунги кунда Наманган шаҳри таркибида иккита – Янги Наманган тумани ва Давлатобод тумани ташкил этилди. Наманган аҳолиси бир миллионга яқинлашаётган шаҳарга айланмоқда. Бунда аҳолининг ўсиши билан бир қаторда шаҳримизнинг ўзига хос инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда, - деди Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов. - Республика Молия вазирлиги, Осиё тараққиёт банки, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бу лойиҳа бўйича ўрганишлар олиб борилди. Лойиҳанинг  қиймати 90 миллион долларни ташкил этади. Муддати эса 25 йил, шундан дастлабки 2 йили қурилиш даври этиб белгиланган. Лойиҳа доирасида қуввати суткасига 100 минг м3 оқова сувларини тозалашга мўлжалланган иншоотни ва 7,5 км. узунликдаги оқова сув тармоқларини қуриш назарда тутилган. Ушбу лойиҳа сув борасидаги муаммолар ечими бўлади.

© namangan24.uz

--> -->