Сахий заминимиз боғларида гилос пишиб етилди. Қуёш нуридан ранг ва таъм олган бу меванинг асосий қисми Тўрақўрғон қишлоқларида парваришланиши эътиборга олиниб, унинг экспортини мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби ушбу туманга жойлаштирилган. Айни кунларда халқаро бозорда талаб юқори бўлган Наманган гилосларини ташқи бозорга чиқариш бошлаб юборилди.

Қайд этиш лозимки, Наманган вилоятида шу йилнинг май-июнь ойларида қиймати 20 миллион долларга яқин гилос экспорти амалга оширилади.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Тўрақўрғон туманида жойлашган экспорт ҳажмини ошириш бўйича Наманган вилояти штабида бўлди.

2020 йил давомида Наманган вилоятидан Россия, Хитой, Туркия, Германия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа ўнлаб давлатларга жами 450 миллион доллардан зиёд қийматдаги маҳсулотлар экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Бунинг 200 миллион доллардан ошиғи мева-сабзавот ва полиз экинларига тўғри келади. Биргина гилоснинг ўзидан май-июнь ойларида 17,8 миллион долларлик экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили жаҳон бозорига экспорт қилинган Тўрақўрғон гилослари Буюк Британия пойтахти - Лондон шаҳридаги нуфузли ва оммабоп супермаркетларда эътироф этилган ҳолда сотилганди. Бу ҳақида ҳатто Фейсбукдан фойдаланувчи кўплаб англияликлар ёзишганди.

© namangan24.uz

--> -->