Таниқли шоир ва жамоат арбоби Зиёвиддин Бекмирзаевич Мансуров Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда ҳозирги вақтга қадар ишлаб келган шоир Жамолхон Боқиевнинг (Жамолиддин Муслим) ўрнида иш бошлади.

Маълумот ўрнида, Зиёвиддин Мансуров 1954 йил 16 май куни Наманган вилояти Уйчи тумани Машад қишлоғида тавваллуд топган. Маълумоти олий, 1975 йили Наманган Давлат педагогика институти (ҳозирги Наманган Давлат университети) филология факулътетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Уйчи туманидаги мактабда она тили ва адабиёти ўқитувчи сифатида бошлаган. Кейинчалик Машад қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, Беруний номидаги жамоа хўжалиги бошқаруви раиси, Уйчи тумани ҳокимининг  ўринбосари, ЎзХДП Уйчи тумани кенгашининг биринчи котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими масъул котиби, Республика Маънавият тарғибот маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Наманган” нашриёти бош муҳаррири, Наманган вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, Наманган вилояти маҳалла кенгаши матбуот гуруҳи раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

Зиёвиддин Мансуров айни кунга қадар Наманган Давлат университетида замонавий ўзбек адабиёти талабаларга таълим бериб келаётган эди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Зиёвиддин Мансурнинг “Қалбим парчалари”, “Ҳайрат салтанати”, “Дилраболар диёри”, “Муҳаббат боғи”, “Ноёб кашфиёт”, “Хўрозқанд” (болалар учун), ”Тўтиё” сингари шеърий китоблари, “Шахмат қаъридаги ҳикматлар”, “Истиқлолнома”, “Онагинам, онажонгинам” номли достонлари чоп этилган.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлимига раис этиб тайинланган Зиёвиддин Мансуровга масъулиятли вазифада олиб борадиган эзгу ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->