Президентимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан “Библиобус” – Кўчма халқ автокутубхона фаолияти йўлга қўйилди.

Қайд этиш жоизки, Юртбошимиз раислигида шу йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилиб, хусусан вилоятларда кутубхоналар, “Библиобус”лар орқали аҳолига кутубхона хизмати кўрсатиш вазифаси юклатилган эди.

120 миллион сўмга харид қилинган янги автобус 25 миллион сўм маблағ эвазига жиҳозланиб, кўчма халқ автокутубхонасига мослаштирилди, у 200 хил номдаги мингдан зиёд бадиий китоблар ва сиёсий адабиётлар билан таъминланди. “Библиобус” Наманган шаҳридаги “Маърифат китоб олами” хайрия жамоат фондига туҳфа этилди. 

Вилоят марказидан анча олис ҳудудда жойлашган “Бунёдкор” маҳалласида “Библиобус” ҳаракатини бошлаши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ёшу қари, устоз муаллимлар, давлат ва жамаот ташкилотлари вакиллари, ёзувчи шоирлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлдилар.

- Президентимизнинг шу йил 28 февраль ва 1 март кунлари Наманган вилоятига қилган ташрифлари чоғида аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш, “Наманганни энг китобхон вилоят”га айлантирамиз, деган топшриқларидан кейин амалий саъй-ҳаракатларга киришдик. Бунинг натижалари бугун Наманганда ўз аксини топмоқда. Шаҳар марказидан олис ва узоқ ҳудудларда ҳам китоб мутолаасини тарғиб этиш мақсадида кўчма халқ автокутубхонаси фаолиятини йўлга қўйилди, - деди Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов.

Кўчма кутубхона фаолиятини айнан “Бунёдкор” маҳалласидан бошлангани бежизга эмас. Боиси, шаҳар прокурори раҳбарлигидаги 2-секторга тегишли бу ҳудуд аҳли китоб харид қилиш учун шаҳар марказига бориши учун 15-20 километр йўл босишига тўғри келарди. Шу сабабдан ҳам автобус Наманган шаҳри марказидан узоқ ва олис манзилларда жойлашган маҳаллалар ҳудудида кутубхона хизматини кўрсатади.

Тантанали тадбирда Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда “Наманган” нашриёти, “Маърифат китоб олами” хайрия жамоат фонди томонидан Кўчма халқ автокутубхонасига Президент асарлари, бадиий адабиётлар, маҳаллий муаллифларнинг шеърий-насрий рисолаларидан иборат китоблар жамланмаси совға қилинди.

Наманганда ўз фаолиятини бошлаган кўчма кутубхона хизмати энг аввало, аҳоли, айниқса ёшларда китобга бўлган меҳрни уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Суратларни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар кенгаши тақдим этди.

--> -->