Элимиз суйган санъаткор Озодбек Назарбеков Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори лавозимига тайинланди.

У эндиликда Маданият вазири ва ректорлик фаолиятини биргаликда давом эттиради. Бу ҳақида Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумот ўрнида, Озодбек Аҳмадович Назарбеков 1974 йил 7 май куни Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган. Маълумоти – олий, 2011 йили Ўзбекистон давлат санъат институтини тамомлаган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Ашула ва рақс ансамбли хонандаси, Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари қўмитаси қошидаги Ашула ва рақс ансамбли хонандаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

Озодбек Назарбек 2020 йил 23 январь куни Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири лавозимига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, мақом ижрочилиги, халқ мусиқаси йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ўзбек мақом санъати факультети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида ташкил топган.

© namangan24.uz

--> -->