Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир ва журналист Носиржон Жўраев пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйи директор ўринбосари ва Бош муҳаррири этиб тайинланди.

Бу ҳақдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг буйруғи 2019 йил 20 май куни қабул қилинди, дея хабар берди “namangan24.uz” сайти манбаси.

Маълумот ўрнида, Носиржон Жамолиддинович Жўраев 1984 йил 22 май куни Наманган тумани Шўрқўрғон қишлоғида туғилган. Маълумоти олий, мутахассислиги журналист. 2005 йили Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Носиржон Жўраев меҳнат фаолиятини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида бошлаган. У иш фаолияти давомида “Адиб” нашриёти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул вазифаларда фаолият юритган. 2014 йилдан буён ҳозирги вақтга қадар “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Қайд этиш жоиз, Носиржон Жўраев самарали ижоди орқали жамиятимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Президентимиз томонидан 2017 йили пойтахтимиздаги кўпқаватли уйлардан хонадон совға қилинган. 2018 йили эса Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

“Namangan24.uz” сайти таҳририяти Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйи директор ўринбосари ва Бош муҳаррири этиб тайинланган Носиржон Жамолиддинович Жўраевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->