Бугун – 2020 йил, 13 март, жума куни Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлимининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Маҳаллий нашрларнинг муҳаррирлари, республика газеталарининг вилоятдаги мухбирлари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар маъмурлари иштирок этган йиғилишни Уюшма аъзоси, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Ирисов олиб борди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Уюшма раиси буйруғи ҳамда унинг вилоят бўлими бошқаруви аъзолари маслаҳатлашуви асосида вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририяти бўлим мудири Носиржон Аббосович Деҳқонов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси сифатида расман таништирилди.

Эслатиб ўтамиз, уюшманинг вилоят бўлимига 2020 йил февраль ойига қадар раҳбарлик қилиб келган журналист Маҳмуджон Маматович Парпиев айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб фаолият юритмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов иштирок этди ва уюшманинг вилояти бўлими, унинг аъзолари олдида турган долзарб вазифалар хусусида атрофлича тўхталди.

Маълумот ўрнида, Носиржон Аббосович Деҳқонов 1963 йил 18 февралда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида таваллуд топган. Маълумоти олий, 1984 йилда Тошкент Давлат маданият институтининг Намангандаги комплекс факультетини тамомлаган. Мутахассилиги: методист-библиограф. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзоси. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Носиржон Деҳқонов меҳнат фаолиятини 1984 йилда “Чортоқ ҳақиқати” газетаси таҳририятида адабий ходим бўлиб бошлаган. У меҳнат фаолияти давомида Чортоқ туман ижроқўми, “Чортоқ ҳақиқати”, “Халқ иродаси”, “Ўзбекистон овози” газеталари таҳририяти, Республика Маънавият тарғиботи марказининг Наманган шаҳар бўлимида масъул ва раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. 2009 йилнинг ноябрь ойидан буён вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририятида бўлим мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда.

“Namangan24.uz” сайти Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси этиб тайинланган Носиржон Аббосович Деҳқоновга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->