Мамлакатимизда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган карантин кунларида уйда қолган иқтидорли талаба ва ўқувчилар масофадан туриб ташкил этилаётган турли танловларда қатнашиб, салмоқли натижаларни қўлга киритмоқдалар.

Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаби (собиқ санъат коллежи)нинг 11 нафар ўқувчиси яқинда Россия Федерациясининг Волгоград шаҳрида сиртдан ўтказилган “Мы вместе-2020, Волгоград” - “Биз биргамиз - 2020, Волгоград” халқаро онлайн кўрик-танловида иштирок этиб, ғолиблар қаторидан ўрин эгаллади.

Ўқув масканининг халқ чолғулари ижрочилиги бўлими, 3-босқич ўқувчиси Маҳлиёхон Турғунпўлатованинг онлайн юборган чиқишлари нуфузли мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Дуторда ижро этилган “Наманган олмаси”, “Кўнгил гулдастаси”, “Олма отдим”, “Лазги” куйлари учун танловнинг бош мукофоти – ган-при билан тақдирланди.

Россия, Украина, Белрус, Латвия, Ўзбекистон, Турманистон каби давлатлардан 300 нафарга яқин ижрочи қатнашган онлайн танловда халқ чолғулари ижрочилиги бўлими ўқувчилари Шарифжон Тоҳиржонов (доира), Дилдора Мамажонова (фортепиано), Кумуш Абдумуҳаммадова (чанг), Фарангиз Ваҳобова (дутор), эстрада вокал ижрочилиги ўқувчилари Ноила Ҳабибуллаева, Шаҳрибону Эркинова, анъанавий вокал ижрочилиги ўқувчиси Фарруҳ Нуралиев фахрли биринчи ўринга сазовор бўлдилар.

Шунингдек, чолғу ижрочилиги бўлими ўқувчилари Мухлиса Жўраева 2-ўрин, Ўғилой Толибжонова ва Онорхон Мўйдиновалар (фортепиано) 3-ўринга муносиб деб топилишди.

Таъкидлаш жоизки, бўлғуси санъаткор ёшларимизнинг ушбу залворли ютуқлари энг аввало, ўқув даргоҳи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Нортожи Юсупова бошчилигидаги педагогик жамоа томонидан карантин даврида ўқувчилар билан масофавий таълимни унумли ташкил этилаётганининг амалий ифодасидир.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->