Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барчани фестивалнинг тантанали очилиши билан муборакбод этди.

Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Турли халқларнинг миллий ўзлигини, уларнинг тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир. Жаҳон маданий меросининг бу ўлмас асарлари бизга инсониятнинг наслу насаби, тарихий илдизлари, олижаноб идеаллари бир эканини, бинобарин, турли миллат ва элат вакилларининг келажак сари интилишлари ҳам муштарак эканини англатади, деди Шавкат Мирзиёев.

Табрикда бугунги замон талаби ва қадриятлар ҳимояси, бахшилар ижоди ва олимларнинг вазифаси ҳақида долзарб фикрлар ҳам айтилди. «Фольклор санъати бу – инсониятнинг болалик қўшиғидир», «Бахшилар нафақат халқ ўтмишининг акс-садоси, айни пайтда бугунги куннинг ҳам жарангдор овозидир» деган сўзлар бутун анжуманнинг мазмун-моҳиятини ифодалагандек бўлди.

Президентимиз очилиш маросимидан сўнг ушбу кўргазмалар билан танишди. Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардан келган фольклор жамоаларнинг чиқишларини томоша қилди, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини кўздан кечирди. Ижодкор ва ҳунармандлар билан суҳбатлашиб, келгуси ишларига муваффақият тилади.

Маълумот ўрнида, Халқаро бахшичилик санъати фестивали икки йилда бир марта ўтказилади, достончилик санъатини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, турли халқлар ўртасида дўстлик ва ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Илк бор ўтказилаётган фестивалда 74 та мамлакатдан 160 дан зиёд вакиллар қатнашмоқда.

 

 

--> -->