Президентимиз томонидан илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббус Наманганда ҳам кенг тарғиб қилинмоқда.

Хусусан, Уйчи туманида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ташаббуси, туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Эзгу ғоядан-эзгу мақсад сари!” шиори остидаги “Беш ташаббус - беш имкон!” номли ёшлар форуми ўтказилди.

Туман маданият ва истироҳат боғида бўлган форумдан кўзланган мақсад - ёшлар фаоллигини ошириш, интилишлар майдонини кенгайтириш,  давлатимиз раҳбарининг шу йил  19 март кунги видеоселектор йиғилишида  илгари сурилган бешта муҳим ташаббус асосида  амалиётга жорий этилаётган янгича интилишлар самарадорлигига эришиш эди.

Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга ҳамда истеъдодини юзага чиқаришларига кўмаклашишни ўзида қамраган “Истеъдод” шоусида  ташаббускор ёшлардан шакллантирилган бадиий  жамоаларнинг дастурлари кўриб чиқилди.

“Фантазинг” усулидаги ранг тасвир бўйича ёшларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ва  сотуви шоунинг ўзига хослигини таъминлади.

Футбол, шахмат-шашка, белбоғли кураш каби спорт мусобақалари уюшмаган ёшларнинг ҳам спорт соҳасидаги имкониятларини аниқлаб берди. Футбол бўйича маҳаллалардаги ёшлардан иборат “Омад-38”, “Пахтакор”, “Dream neam”, “Real” жамоалари беллашувида “Омад-38” жамоаси ғолиб чиқди. Спортнинг миллий белбоғли кураш тури бўйича мусобақада 8-мактаб ўқувчиси Зебохон Носирова 1-ўринни эгаллади.

Ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишлари учун туман маданият ва истироҳат боғида “WI FI room” имкониятидан фойдаланиш мусобақаси ўтказилди. Айнан шу  танловда Ўктамхон  Отавалиева ғолибликка муносиб кўрилди.

Китобхонлик тарғиботи бўйича депутатлар, фаол партия етакчилари кўмагида янги бадиий адабиётлар билан тўлдирилган “Book room” ташкил этилдики, мазкур танловда туман ахборот-ресурс маркази ходими Жамила Пўлатова, “Энг ёш китобхон” номинацияси бўйича эса Покиза Аҳмаджановалар ғолиб деб топилдилар.

- Мен ўтган йили ҳам анжуманда ҳам иштирок этганман, - дейди Ёшлар иттифоқи Уйчи тумани “Камалак” болалар ташкилоти сардори Нурилло Абдуллаев. - Тўғрисини айтсам, бу йилги тадбирга сардорлар кўпроқ келишди. Айниқса, бизга қизиқ томони турли бекатлар ташкил қилингани ва бу бекатлар бешта ташаббусга мослаб кўргазмалар билан бойитилгани эътиборимизни тортди.

Форум доирасида бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. 2 нафар аёл-қиз кўргазма давомидаёқ доимий иш билан таъминланди.

Лойиҳа ва сардорлар анжумани якунида ўқув йили давомида фаоллик кўрсатган ёшлар етакчилари ва сардорлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Уйчи тумани кенгаши томонидан диплом ва китоблар жамланмаси билан тантанали равишда тақдирланди.

Ҳожиакбар Паттоев,

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Уйчи тумани кенгаши раисининг ўринбосари.

© namangan24.uz

--> -->