“Наманган агро кимё ҳимоя” жамияти нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўзига хос мавқеи ва нуфузига эга бўлган корхоналардан биридир. Қолаверса, вилоят қишлоқ хўжалиги ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётганлар қаторига киради.

Бироқ мутасаддилар кейинги пайтда бюджет олдидаги тўловларни ўз вақтида амалга оширишни унутган кўринади. Натижада бугунги кунга келиб, жамиятнинг давлат хазинаси тушумларидан қарзи 5 миллард 800 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Хўш, бу қарзлардан қутилиш учун жамият раҳбарлари бирон-бир чора кўраяптими? Афсуски, кўрилаётган чоралар етарли натижа бермаяпти. Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан олиб борилаётган тадбирларга қарамасдан қарздорларнинг ўзида ҳаракат ва интилишлар суст олиб борилмоқда, дея хабар беради вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.

Қонун барча учун баробар. Ана шу ақидага амал қилган Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси ва вилоят давлат солиқ бошқармаси вакиллари томонидан “Наманган агро кимё ҳимоя” жамиятининг бюджет ва бюджетдан ташқари мажбурий тўловлардан бўлган қарзи эвазига жамиятга қарашли 2 миллард 100 миллион сўмлик бино-иншоотлар хатловга олинди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Боқиманда қарз ортиб бораверса-ю қарздор тўлаш учун ҳаракат қилмаса, охир-оқибат ҳар қандай корхона ёки ташкилот иқтисодий инқирозга учраши аниқ. Бюджет олдидаги тўлов эса барибир ундирилади.

© namangan24.uz

--> -->