Шу йил 9 июль, сешанба куни Наманган вилояти ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи, кўпчиликнинг эсида қоладиган эътиборга молик воқелик юз берди. Учқўрғон туманининг Обод Гулистон маҳалласида Катта Фарғона каналига қурилган кичик гидроэлектростанциялар каскадлари ишга туширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Расмий очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сзянь Ян хоним ва жамият раҳбарлари, қурувчилар, туман фаоллари, журналистлар иштирок этишди.

Умумий қиймати 31 миллион АҚШ долларига тенг бўлган бу лойиҳа, “Ўзбекгидроэнерго” акционерлик жамиятининг 22 миллион 300 минг доллар ўз маблағлари ва Хитойнинг “Эксимбанк”и томонидан ажратилган кредит ҳисобига қуриб битказилди. Лойиҳанинг ўзини ўзи қоплаш муддати 8 йилу 6 ой деб белгиланган.

6 мегаватлик икки кичик ГЭСдан иборат каскад Катта Фарғона каналининг ПК 142 ҳамда ПК 184 участкалари оралиғида иншо этилди.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 2 майдаги «2017 - 2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори доирасида «Ўзбекгидроэнерго» акционерлик жамияти таркибида барпо этилган бу кичик ГЭС каскадлари ишга тушиши натижасида Наманган вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш йилига 72,89 млн. квт/соатга ортди. Бунинг cамарасида Учқўрғон туманидаги 48 минг хонадон экологик тоза технологияларда ишлаб чиқарилган электр энергияси билан таъминланади.

Маъмуржон Эргашев,

© namangan24.uz

--> -->