Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 14-ялпи мажлисида Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг изчил тараққиёти Наманган вилоятида ҳам улкан ўзгаришларга замин яратди. Шаҳар-у туманларда бир қатор бунёдкорлик ишлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вилоятда 2020 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4,8 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 15,8 фоизга ўсган. Бунда вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Президентимизнинг шу йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида мазкур вилоятнинг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган қатор янги ғоялар, хусусан Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш ташаббусини илгари сурилиб, ушбу масаланинг ижобий ҳал этилиши ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб тасдиқланадиган маҳаллий дастурларни тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳим омилларидан бўлади.

Маълумот ўрнида, Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640 минг 100 нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил қилмоқда.

Қайд этиш жоиз, 2019 йилда вилоятнинг Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи 6,3 минг гектар ер майдонлари Наманган шаҳри таркибига қўшилиши натижасида ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида турли муаммолар юзага келди.

Ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари шаҳар марказидан 15-20 км узоқликда жойлашганлиги, саноат корхоналарининг камлиги сабабли фуқароларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келаётганлиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, еттита маҳалла ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган, ички йўллар эса бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда.

2020 йилда Наманган шаҳри таркибида 4,9 минг гектар ер майдони ҳамда 151 минг нафар аҳолини ўз ичига олувчи Давлатобод тумани ташкил этилди.

Натижада Давлатобод туманида бугунги кунда урбанизация жараёни жадаллашиб, янги инфратузилма объектлари барпо этилмоқда ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

Шу сабабли ҳам Наманган шаҳри ҳудудининг 8,2 минг гектар ер майдони ҳамда 155,6 минг нафар аҳолисига эга яна бир Янги Наманган туманини ташкил этиш ва бу орқали фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш чораларини кўриш таклифи илгари сурилмоқда.

Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та тиббиёт муассасаси ва 12 та касалхона ўтказилмоқда.

Янги Наманган туманининг саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш мақсадида истиқболда 16 та саноат корхонаси ва 4 та кичик саноат зонаси фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бунинг натижасида саноат корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмларининг шаҳар саноатидаги умумий улуши 1 триллион сўмга етказилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Янги Наманган туманининг ташкил қилиниши туманда замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига ва энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда хизмат қилади. Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

© namangan24.uz

--> -->