Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан шу йилнинг 31 июль – 1 август кунлари Беларусь Республикасида бўлади.

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро форумида Наманган вилояти ҳамда Беларуснинг Витебск вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Икки дўст мамлакат вилоятлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг тамали бўлган ушбу келишув, Наманган вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Аюбхон Камолов ҳамда Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Борис Ефремов томонидан имзоланди.

Ушбу келишув, вилоятлар корхона ва ташкилотлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни орттириши, бу эса ўз навбатида бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтириши таъкидланди. Бу мақсадда ўзаро маҳсулот ва хизматларни сотиб олиш бўйича тузилган шартномаларни қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликда икки вилоят ишбилармонлари иштирокида турли бизнес-семинарлар, кўргазмалар ташкил этишга келишиб олинди.

Форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Беларусь Савдо-саноат палатаси Витебск бўлими ўртасида ҳам ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Аввалроқ, шу йил 24 – 25 июнь кунлари Савдо-саноат паласи Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси, "Косонсой фарм" эркин иқтсодий зонаси, "Дори-дармон" ва "Наманганвино" акционрелик жамиятлари, "Соҳибқирон" фермер хўжалиги вакилларидан иборат вилоят делегацияси Аюбхон Камолов бошчилигида Витебск вилоятига ташриф буюрганди.

Ташриф давомида икки ҳудуд ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, вилоятларнинг инвестицон ва экспорт салоҳиятлари ўзаро намойиш этилганди. Ташриф якунида МДҲ давлатлари ҳудудидаги йирик эркин иқтисодий зоналардан бири – “Витебск” ва “Косонсой фарм” эркин иқтисодий зоналари дирекцияси ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланган эди.

© namangan24.uz

--> -->