Окибжон Одилжонович Иномов Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари - вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимга вилоят ҳокимининг 2019 йил 20 августдаги 592-сонли қарорига асосан мазкур лавозимда иш бошлади.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этиш жоиз, Окибжон Иномов ушбу вазифада - вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновацион, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Улуғбек Мамаджонович Юнусовнинг ўрнини эгаллади.

Маълумот ўрнида, Окибжон Одилжонович Иномов 1984 йил 3 июль куни Учқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини вилоят статистика бошқармасида бошлаган. 2006 йилдан 2016 йилга қадар вилоят иқтисодиёт бош бошқармасида масъул вазифаларда ишлаган. 2014 - 2016 йилларда эса мазкур бошқарма бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Окибжон Иномов 2017 - 2018 йилларда вилоят ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича котибияти мудири, кейинчалик вилоят инвестициялар бўйича бош бошқармаси бошлиғи бўлиб иш олиб борган. У ҳозирги кунга қадар Наманган вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Окибжон Одилжонович Иномовга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->