Бугун – 2020 йил 25 сентябрь куни Фарғонада вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Мадаминович Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ишга ўтаётгани муносабати билан вилоят ҳокими лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Президент фармони билан ҳозирга қадар Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Хайрулло Ҳайитбоевич Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Хайрулло Бозоров 1976 йил 16 январда Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий. Наманган саноат-технология институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармасида инспекторликдан бошлаган. 2005 йилгача солиқ идораларида раҳбарликкача бўлган вазифаларда ишлади. 2005-2008 йилларда вилоят ҳокимлигининг ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, гуруҳ раҳбари, вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

2008-2009 йилларда Учқўрғон тумани ҳокими, 2009-2014 йилларда Чуст тумани ҳокими, 2014-2015 йилларда Мингбулоқ тумани ҳокими лавозимларида фаолият олиб борган.

Хайрулло Бозоров 2015 йил 25 ноябрь кунидан буён айни вақтгача Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. У Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳисобланади.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Фарғона вилояти ҳокими лавозимида иш бошлаган Хайрулло Ҳайитбоевич Бозоровга масъулиятли вазифада олиб борадиган эзгу ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->