Бир вақтлар Янгиқўрғон туманида ишлаб чиқарилган “Тip-Top” шарбатлари нафақат Наманган вилояти, балки бутун Ўзбекистон ва хорижда ҳам ном қозонган эди.

Энг асосийси, орадан маълум вақт ўтиб, “Тip-Top” шарбатларини қадоқлаш яна Янгиқўрғонда, “Янгиқўрғон агро инвест”нинг Исковот қишлоғи Бунёдкор маҳалласидаги корхонасида амалга оширилмоқда. Бу билан “Тip-Top” брендининг аввалги шуҳратини тиклаш сари дадил қадам ташланмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу бренд остида маҳсулотлар ишлаб чиқараётган  “Янгиқўрғон агро инвест” корхонаси томонидан барпо этилаётган музлатгич омборлари билан танишди. 22 миллиард сўмлик лойиҳа  асосида барпо этилаётган мазкур иншоотда шарбатлар ва концентратлар ишлаб чиқариш учун зарур мева-сабзавотлар белгиланган меъёрлар асосида сақланади. Кузга бориб фаолият бошлаши режалаштирилган музлатгичхонада 20 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, ушбу маҳаллада “Наманган индастри гроуп” корхонаси томонидан мевани қайта ишлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. 3 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа учун Италиядан зарур технологиялар келтирилади. Ҳозирда корхонада 50 дан ортиқ иш ўрни яратилган бўлиб, экспорт кўрсаткичи 56 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда. Келгусида ушбу кўрсаткичлар янада ошиши шубҳасиз.

Хайрулло Бозоров туманда мевани қайта ишлаш, шарбатлар ва концентратлар тайёрлаш, хорижга экспорт қилиш борасидаги ишларга юқори баҳо берди. Бундай саъй-ҳаракатлар Наманганнинг экологик тоза маҳсулотлар етиштирувчи вилоят сифатидаги мавқеини таъминлашга хизмат қилади.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->