Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Негматович Арипов бугун – 2019 йил 20 август куни амалий ташриф билан Наманган вилоятига келди.

“Namangan24.uz” сайтининг Наманган шаҳар ҳокимлигидаги ишончли манбаси хабар беришича, Ҳукумат раҳбари вилоятимиздаги сафари давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга ташрифи чоғида белгилаб берилган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишган.

Вазирлар Маҳкамаси етакчиси давлатимиз раҳбарининг ташрифида белгиланган муҳим топшириқлар, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этиш юзасидан Наманган шаҳрида амалга оширилаётган ишларнинг боришидан қониқиш ҳосил қилган.

Бош вазир ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва бандлигини ошириш, тадбиркорликни янада қулоч ёзишга қаратилган хайрли ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли топшириқларни берди.

Маълумот ўрнида, қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган Наманган шаҳрида айни кунларда Марказий Осиёда ягона бўлган улкан туристик маскан – “Афсоналар водийси” хиёбони, бир қатор кўп квартирали турар-жой бинолари, кичик эркин иқтисодий зоналар барпо этиш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Яқин орада эса вилоятимиз марказида ҳамюртимиз, таниқли миллиардер Алишер Усмоновнинг кўмаги билан конгресс залига эга, дунё талабларига жавоб берадиган 18-қаватли бизнес марказини қуриш ишлари бошланади.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->