“Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари, 1998 йилда Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган, муқаддам судланган Ф. М. ва 1991 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган, блогерлик фаолиятини юритувчи А. Ғ. га суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

2026 йил 11 ноябрь куни эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Ф. М. Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик) ва 248 (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида, А. Ғ. ушбу кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Ф. М. га 10 йилу 3 ой муддатга, А. Ғ. га 10 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Судланувчи Ф. М. дан жиноят доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

“Demokrat.uz” раҳбари ва блогерга нисбатан 2026 йилнинг фервалида жиноят иши қўзғатилганди. А. Ғ. Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернет тармоғида жойлаштирган. Шундан сўнг “Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Ф. М. шериги А. Ғ. томонидан тайёрланган видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ушбу нашр томонидан тайёрланган, тадбиркорни обрўсизлантирувчи алоҳида видеолавҳани ОАВда жойламаслик эвазига, товламачилик йўли билан жабрланувчидан жами 50 минг доллар талаб қилган.

© namangan24.uz

--> -->