Инсон таваллуд топганидан буён доимо илм излаш, камол топиш ва эгаллаган фаолият соҳасига фидоийлик билан ёндашиш истагида ҳаракатда бўлади. Наманган вилояти суди раиси Эранов Абдурасул Ғаппорович ҳам ана шундай инсонлардан.

Фидойи устоз Абдурасул Ғаппорович 60 ёшни қаршилади. Тажрибали ҳуқуқшунос касбига муҳаббати туфайли шарафли касбнинг фидойисига айланди.

Абдурасул Ғаппорович 1961 йил 15 мартда Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган.  Ёшлигидан илм олишга қизиққан Абдурасул ака мактабда бир вақтнинг ўзида кўп фанларни мукаммал ўзлаштиргани боис устозлар диққат-эътиборига тушди, унинг синфдошларидан ажралиб турадиган бир жиҳати ноҳақликка чидамаслиги ва адолатли бўлиши керак деган қатъияти устозлари олдида ҳурмат қозонишга олиб келди. Мактабнинг юқори синфларида ўқиётган даврларида Абдурасул аканинг иқтидори янада ёрқинроқ намоён бўла бошлади.

1977 йилда мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлган Абдурасул ака ўз мактаби тарихида биринчи бўлиб, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган ўқувчиларнинг география фанидан Республика олимпиадасида иштирок этди. 1978 йил 10 синф ўқувчиси сифатида Бухоро шаҳрида ўтказилган Республика Олимпиадасида иштирок этиб тарих ва жамиятшунослик фанларидан фахрли 1-ўринни эгаллаб, ғолиб сифатида Фанлар Академияси ва Маориф вазирлигининг 1-даражали фахрий ёрлиғи ва олий ўқув юртларининг гуманитар йўналишидаги факультетларида ўқиш учун тавсиянома билан тақдирланди. Бу муваффақиятлар ўз самарасини берди – у ўзи ўқиган мактаб тарихида биринчи бўлиб мактабни “олтин” медаль билан тамомлади.

Ёшлигидан ҳуқушунослик касбига қизиқиши кучли бўлган Абдурасул Эранов 1979 йилда актабни аъло баҳолар билан олтин медалга тамомлаб, ўзи танлаган олийгоҳда ўқиш ниятида Тошкент сари йўл олди. Шу йили Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ҳуқуқшунослик факультетининг кундузги бўлимига ҳужжат топширди ва биринчи имтиҳон иншонида “аъло” баҳо олиб, олтин медали туфайли имтиёзи тарзда талаба бўлиш бахтига эришди.

Абдурасул ака учун иккинчи даражали фан йўқ эди, ҳар бир дарсга, у хоҳ ҳуқуқшунослик, хоҳ ижтимоий фанлар бўлсин, иштиёқ билан қатнашиб ўтилган мавзунинг мазмун-моҳиятига тушуниб етмагунча тинчимас эди. Шунинг учун ҳам профессор устозлари ундаги билим олишга ва ҳуқуқшунослик касбига бўлган иштиёқини кўриб, ундан маслаҳатларини аяшмади. 1983 йилда университетни ҳам қизил дипломга тамомлаб она шаҳри томон йўл олди.

Абдурасул Ғаппорович ҳуқуқшунослик касбини қуйи бўғиндан, яъни оддий ҳуқуқшуносликдан бошлашни лозим кўрди ва 1983 йилда Абдурасул ака ўз фаолиятини Наманган вилоятининг Поп туманидаги агросаноат бирлашмасида катта ҳуқуқий маслаҳатчи вазифасидан бошлади. 1984 йилда Учқўрғон туман “Қўғай” хўжалигининг катта ҳуқуқий маслаҳатчиси этиб тайинланди. Поп туманида ишлаб юрган вақтларида Наманган вилоят прокуратурасига хужжатларини топшириб қўйган эди. Учқўрғон туманида бир йил давомида иш олиб борди, шу вақт оралиғида уни  Наманган вилоят прокурори йўқлаётганини айтишди.

“Сизни Наманган шаҳар прокурори ёрдамчилигига тавсия этаман”, - деди вилоят прокурори  -“Эртадан иш бошлайсиз”. Шундан сўнг, Абдурасул Ғаппорович 1985 йилдан Наманган шаҳар прокурорининг ёрдамчиси этиб тайинланди. Ўзининг касбга бўлган садоқати ва ишга бўлган меҳри сабабли ҳамкасблар ва раҳбарларнинг эътиборига тушади ва  бир йил деганда, яъни 1986 йилда 25 ёшида Наманган вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори бўлади.

Тинимсиз ўз устида ишлаши Абдурасул Ғаппоровични юқори лавозимларга муносиб кўрилишига сабаб бўлади. Вилоят прокуратурасида бор-йўғи олти ой ишлаган Абдурасул Ғаппорович 1986 йилда Давлатобод тумани прокурори ўринбосари, уч йиллик фаолиятдан сўнг 1989 йили Учқўрғон туманлараро прокурори ўринбосари, Наманган вилояти прокуратураси тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари, ички ишлар идораларида тергов ва суриштирувни назорат қилиш бўлим бошлиғи лавозимларида ишлади.

Маълумки, прокуратура давлат манфаатлари ҳимоячиси вазифаларини бажаради. Аммо Абдурасул Ғаппорович оддий одамларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклашга интиларди, ушбу ҳаракатлар у кишини 1994 йилда Наманган шаҳар судининг судьяси лавозимига тайинланишига туртки берди.

Дарвоқе, Абдурасул Ғаппоровичнинг фарзандлари ва шогирдларига алоҳида фахр билан “Менинг рекордимини фақат такрорлаш мумкин, лекин янгилаб бўлмайди”, деган иборалари бор. Абдурасул ака нафақат мактабда, кириш имтихонида ва олийгоҳда ўқиш давомида, балки прокуратура ва суд органларидаги хизмати давомида Харьков шаҳри ва Тошкент шаҳридаги малака ошириш курсларида ҳам фақат “аъло” баҳолар олди, “тўрт” ёки ундан паст баҳо нималагини билмаган.

Абдурасул Ғаппорович судда устозлардан судьялик одоб-аҳлоқи билан бирга судьялик сир-асрорларини ҳам ўрганиб билимини мустаҳкамлади. Шу тариқа 1999 йилдан 2001 йилгача Наманган вилоят судининг судьяси, вилоят суди раисининг ўринбосари бўлиб ишлади.

2001 йилда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошира бошланди ва судлар ихтисослаштирилиб, фуқаролик ишлари бўйича судлар ташкил этилди.

Абдурасул Ғаппорович 2001 йилда Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди раиси этиб тайинланди ва бу лавозимда 2012 йилга қадар фаолият олиб борди. У киши ишлаш давомида судлар фаолиятида Наманган мактабини яратди. Суддаги фаолияти эса бутун республика бўйича наъмуна қилиб кўрсатилди ва ҳозирга қадар судьялар ўртасида Наманган мактаби алоҳида эътироф этиб келинади. Судьялик фаолияти давомида кўплаб шогирдлар етиштириб чиқарди. Бугун  унинг шогирдлари вилоят, туман (шаҳар) ва туманлараро судларида ишлаб келмоқда.

Абдурасул Эрановнинг Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини муваффақиятли амалга ошириш борасидаги хизматлари, соҳаларда эришилаётган ютуқларга  қўшган муносиб ҳиссаси, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнатлари эътироф этилиб, Президент фармонлари билан 2010 йилда «Шухрат» медали билан, 2016 йилда, “Ўзбекистон мустақиллигинининг йигирма беш йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.

Абдурасул Ғаппорович 2013 йилдан Олий суди ҳузуридаги Тадқиқот марказининг катта маслаҳатчиси, етакчи маслаҳатчиси, бош маслаҳатчиси, Олий судда катта маслаҳатчи ва бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борди. Шу билан бир қаторда Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш марказида ёш ва бўлажак судьяларга таълим бериб келди.

Шу ўринда бир эътиборли жиҳатга назар солсак: Абдурасул ака доим янгиликка интилиши унинг янги ташкил этилган судга раҳбар бўлишига сабаб бўлган. Юртимизда 2017 йилдан маъмурий судлар ташкил этилади ва Абдурасул Ғаппорович янги ташкил этилган Фарғона вилояти маъмурий судига раис этиб тайинланди ва 2020 йилгача шу лавозимда фаолият юритди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимига тайинланди.

2021 йилда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлар негизида ягона вилоят судлари ташкил этилди ва Абдурасул Ғаппорович янги ташкил этилган Наманган вилояти судига раис этиб тайинланди.

Абдурасул Ғаппорович намунали оила соҳиби бўлиб, турмуш ўртоғлари Раънохон ая билан 4 нафар фарзандни камолга етказдилар, 10 нафар набиранинг суюкли бобожони ва бувижони бўлдилар, ўзига хос ҳуқуқшунослар сулоласини яратдилар. Олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлган қизлари Гулёра ва келинлари Гулшанойлар нотариат соҳасида, куёвлари Шерзодбек – вилоят прокурориринг биринчи ўринбосари лавозимида, ўғиллари Алишер – Президент Администрацияси тизимида, Муҳаммад Ислом эса – Адлия вазирлиги тизимида самарали меҳнат юритиб келишмоқда. Ўғиллари Элёрбек банк соҳасида фаолият юритиб келмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Абдурасул Ғаппоровични қутлуғ 60 ёши билан чин дилдан табриклаймиз. Келгусидаги заҳматли ва масъулиятли фаолиятида мустаҳкам сиҳат-саломатлик, яна кўп йиллар соҳада юксак натижалар билан меҳнат қилишига тилакдошмиз.

Икромжон Орифжонов,

Наманган вилояти суди масъул ходими.
© namangan24.uz

--> -->