Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф битирувчи ўқувчилари ва бошқа таълим муассасаларидаги иқтидорли ёшлар ҳамда қўшни Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Шамалдисай туманидаги 8-сонли умумий ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчилари иштирокида “Zoom” дастури орқали “Келажакдаги касбим” мавзусида халқаро ўқув семинари ўтказилди.

Мазкур семинар аввалида Наманган вилоятидан қатнашган Учқўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири Бобур Зайниев, 1-сонли умумтаълим мактаби директори Одилжон Исматуллаев, Жалолобод вилоятидан иштирок этган 8-мактаб директори Акбермет Азимқулова, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Милена Кажормалиева, ташкилотчи Олеся Усенбаева, ижтимоий соҳа педагоги Токтобубу Качкинбаева Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси натижасида кейинги йилларда ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда дўстлик ва биродарлик алоқаларига катта йўл очилганлигини таъкидладилар.



Наманган ва Жалолобод ҳудудлари ўртасидаги мазкур онлайн семинар-мулоқот Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида ташкил этилиши ҳам икки давлат ўртасидаги таълим истиқболларини юқори босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, бу ҳамкорлик ёшларнинг билим олиб, касб кўникмаларини мустаҳкамлаш, бир-бирлари билан дўст тутинишларига ҳам хизмат қилади.

Онлайн мулоқот учун Учқўрғондаги 1-мактабни танлангани бежизга эмас. Боиси, мазкур маърифат даргоҳи тумандаги илғор таълим масканларидан биридир. Юз йиллик тарихга эга бўлган ушбу мактаб 2019 йилда “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида капитал реконсрукциядан чиқарилди. Айни пайтда 1 минг 233 нафар ўқувчига 91 нафар педагог сабоқ бериб келмоқда. Муаллимларнинг 34 нафари олий ва биринчи тоифага эга. Жорий ўқув йилида мактабни 113 нафар ўқувчи, хусусан 63 нафар қиз тамомлайди. Битирувчиларнинг олий таълимга қамрови кўрсаткичини 30 фоизга етказиш бугунги кунда ўқитувчилар олдида турган устувор мақсад ҳисобланади.

Қирғизистоннинг сўлим жойларидан бири - Шамалдисай туманидаги 8-сонли умумий ўрта мактаб 1958 йилда барпо этилган бўлиб, у ерда 1 минг 478 нафар ўғил-қиз рус ва ўзбек тилларида таълим олади. Онлайн мулоқотда мактабнинг 70 нафар битирувчи ўқувчиси ҳозир бўлди.

Семинар давомида ўқувчилар ўз тилларида суҳбатга киришиш асносида рус ва инглиз тилларида ҳам мулоқотда бўлдилар, бир-бирлари билан ўзаро фикр алмашди.

Учқўрғондаги спорт турларига ихтисослашган 20-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиси Фирдавс Мусажонов тўрт йилдан буён спортнинг бокс тури билан шуғулланиб келади. Ўтган вақт мобайнида у бир неча бор Республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда зафар қучган. Иқтидорли чарм қўлқоп соҳиби 2020 йилнинг декабрь ойида Жалолобод вилоятида ташкил этилган халқаро турнирда 56 килограмм вазнда беллашиб, ғолибликни қўлга киритди.

- Ёшим 15да. Қирғизистонда туғилганман. Бундан 10 йил аввал ота-онам билан бирга Шамалдисайдан Учқўрғонга кўчиб келганмиз. Ўзбекистондаги мактаб менга ўз бағрини очди. Шу ерда таълим-тарбия олаётганимдан хурсандман, - дейди 37-мактаб ўқувчиси Умрзоқ Қосимжонов. - Қирғизистонлик тенгдошларимга тарих, инглиз тили, биология фанларига қизиқишларим, келгусида эгалламоқчи бўлган касбим ҳақида сўзлаб бердим. Қирғиз халқининг буюк “Манас” достонидан парча айтганимни хурсандчилик билан қарши олишди.

Онлайн мулоқотда шунингдек, муаллимлар ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ишлар хусусида батафсил маълумот берди. Келаси ойда ўтказилажак онлайн семинарда ҳар икки ҳудуднинг таълим тизимидаги услубчилари ўзаро тажриба алмашишлари режалаштирилди. Истиқболли қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, бу борада икки томоннинг мавжуд салоҳиятидан унумли фойдаланиш, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Оқилхон Дадабоев,

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали раҳбари.

--> -->