Наманган муҳандислик-технология институти “Чет тиллар” кафедраси томонидан инглиз тили ўқитувчилари учун ҳудудий семинар-тренинг ўтказилди.

Президентимизнинг хорижий тилларни ўрганиш тизимини такомиллаштириш бўйича берган топшириқлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги “Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 610-сонли қарори ижроси доирасида ташкилланган семинарда Наманган вилоятидаги олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар, умумтаълим мактабларининг чет тиллар ўқитувчилари иштирок этди.

Семинар-тренингга Америкадан таклиф этилган, айни вақтда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги олий таълим муассасаларида координаторлик асосида инглиз тилини ўргатаётган мутахассислар Шенин Роач, Грем Дери, Кералайн Мури, Бинжамин Эрнейстейн спикерлик қилишди. Тажрибали тилшунослар ўзбекистонлик ҳамкасбларига чет тилини ўргатишнинг самарадорлигини ошириш борасида хорижий тажриба асосида мастер класс ўтиб беришди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан Наманган муҳандислик-технология институти ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов ушбу тренинг чет тилларни янги инновацион педагогик технология  ва методлар асосида ўқитиш, ўқитувчиларнинг хорижий тилларни ўргатишдаги педагогик маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Қолаверса, бугунги кунда чет тилларни ўрганиш нафақат ижтимоий йўналишда, балки муҳандислик-технологиялар жабҳасида таҳсил олаётган талаба-ёшлар учун зарур эканлигини қайд этди. Чунончи, бугунги  кунда юртимизда ишбилармонлик муҳитини ошириш, иқтисодиёт тармоқларига инвестицияни жалб қилишда хорижий тилларни нечоғлик мукаммал эгаллаш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Дарвоқе, мазкур семинарни айнан Наманган муҳандислик-технология институтида ташкил этилгани ҳам бежизга эмас. Боиси, ушбу таълим муассасасида чет тилларни инновацион педагогик технология ва услублардан фойдаланган ҳолда ўқитишда илғор тажрибалар йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунда хорижнинг бир қатор нуфузли университетлари билан профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро малака ва тажриба алмашиш, илмий тадқиқотларни ҳамкорликда бажариш бўйича бир нечта ҳамкорлик ишлари амалга оширилди.

Институт кафедраси мудири, филология фанлари доктори Дилдора Ҳошимова Япония миллий илмлар академиясининг академиги Эди Мано, Ҳиндистон миллий адабиёт музейи профессори Мансура Хайдар, Венгрия университетининг профессори Дбенедек Пери, Озарбайжон миллий илмлар академиясининг профессори Алмас Биннатова, Миср университети профессори Магда Салаҳ, Гумбольд университети профессори Инга Бурк Балдауфлар билан ҳамкорликда илмий фаолият олиб бормоқда. Институт чет тиллар кафедрасининг ўқитувчилари Маъруфжон Каримов ва Сайфулбод Аъзамов айни кунларда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги Халқаро менежмент институтида малака оширмоқдалар. Мансурбек Йўлдошев эса Таиланднинг Бангкок шаҳридаги дунёнинг юздан зиёд давдатлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтаётган халқаро таржимонлар анжуманида қатнашмоқда.

Семинар-тренингнинг иккинчи қисмида тилшунос мутахассислар, хориждан келган меҳмонлар Тўрақўрғон тмунидаги очиқ осмон остидаги “Ахсикент” тарихий ёдгорлиги бўйлаб саёҳат қилишди.

 

Наманган муҳандислик-технология институти матбуот хизмати.

Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар.

© namangan24.uz

 

 

--> -->