Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Жумладан, парламентдаги “Адолат” социал демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов Наманган шаҳрида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Ўзаро мулоқотлар давомида фуқароларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар аниқланди, айни пайтда уларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Албатта, кичикроқ масалаларнинг аксарияти ўрнида ҳал этилмоқда. Шу билан бирга жиддий таҳлил талаб этадиган муаммолар ҳам учрамоқдаки, уларни қисқа муддатда ечимини топишнинг иложи йўқ.
 
Депутат Гулбоғ маҳалласида ана шундай ҳолатга рўпара келди. Бу ерда ўтган йили Наманган шаҳар педагогика коллежининг собиқ ётоқхонаси тубдан реконструкция қилиниб, кам таъминланган 12 оилага туҳфа этилган эди. Турар-жойни фойдаланишга топшириш маросими жуда тантанали ўтди. Карнай-сурнайлар садоси янгради, алвон ленталар қирқилди. Оташин нутқлар ҳам сўзланди. Ҳаммаси киройидай ўтди, деган таассурот қолди ўшанда.
 
Аммо вақт ўтиши билан бир жиддий муаммо бўй кўрсатдики, унга етарли эътибор қаратилмаганлиги туфайли унинг ечимини ҳозиргача топиб бўлмади. Шаҳар ҳокимлигига қилинган мурожаатлар ҳеч қандай натижа бермади. Оқибатда мазкур икки қаватли турар-жой биносида яшовчи фуқаролар Олий Мажлисга нома йўлладилар. Муаммо ниҳоятда кескин ва долзарб бўлганлиги учун Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Наргиза Халилова ҳам ёрдамга келди.
 
Масаланинг ибтидоси хонадонларга кўчиб кирилгандан сўнг бир ой ўтгач бошланди. Яъни фуқаролар фойдаланилган электр қуввати учун ҳақ тўламоқчи бўлдилар. Бунинг учун биринчи навбатда ҳисоблагич ўрнатиш лозим эди. Аммо электр тармоқлари корхонасидагилар бу ишдан бош тортишди. Нима ҳам дердик, расман улар ҳақ. Яъни фуқаролар яшаётган хонадонлар ўзларига тегишли эканлигини исботлайдиган ҳужжатларга эга эмасдилар. Яъни, улар белгиланган тартибда кадастрдан ўтказилмаганди.
 
Кадастр ҳужжатларини тайёрлайдиган идорага мурожаат қилинганда, масала янада чигаллашди. У ердагилар хонадонлар эгаларига қайси асосда ўзларига берилганлигини кўрсатадиган ҳужжат талаб қилишди. Бу ҳам тўғри. Лекин ҳужжатнинг ўзи йўқ-да.
 
Ниҳоят, ўтган куни депутат бир гуруҳ партиямиз фаоллари, Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Абдуллаева ва бошқа мутахассислар билан жойига бориб ўрганилганида, масалага жиндай ойдинлик киргандай бўлди. Маълум бўлишича, педагогика коллежининг собиқ ётоқхонасини тубдан реконструкция қилишга бош бўлган “валломат” раҳбарлар бинони ўқув юртининг балансидан чиқариш кераклигини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганлар.
 
Калаванинг учи айнан мана шунда экан. Энг аввало, ётоқхонани коллеж балансидан чиқариш лозим эди. Шундан кейин шаҳар ҳокимининг қурилишни реконструкцияни бошлаш ва бундан кўзланган мақсадни англатувчи қарори тайёрланиши лозим бўлди. Барча ишлар битгач эса хонадонлар эгаларига яна бир қарор асосида тақсимлаб берилиши лозим эди. Мутасаддиларнинг хатоси туфайли 12 оила коммунал тўловлар масаласини ҳал қила олмай сарсон бўлмоқда.
 
– Биз масалани ўрганиш чоғида ушбу кўп қаватли уйда яшовчи оилаларнинг вакиллари билан атрофлича суҳбатлашдик. Улар Президентимиз кўрсатмалари асосида аҳолига шундай шароитлар яратилганлигидан мамнун эканликларини изҳор этдилар. Айни пайтда ўз вазифасини кўнгилдагидай бажармайдиган, одамларнинг мурожаатларини писанд қилмайдиган Наманган шаҳар ҳокимлигининг масъулиятсиз раҳбарлари ва ходимларидан норизо эканликларини ҳам яширмадилар. Бу эса уларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш ва муносиб жазолашни ҳам тақозо этади, деб ўйлайман, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов.
 
Халқимизда “Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди”, деган нақл бор. Қонунчилик палатаси депутатлари аралашуви билан муаммонининг ечимини топишга киришилди. Аммо бунгача қанча сарсонгарчилик, оворагарчилик юз берди? Фуқароларнинг асаби бузилганини айтмайсизми?
 
Нурбек Абдуллаев,
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси 
Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби.
© namangan24.uz

--> -->