Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг Наманган вилоятига навбатдаги ташрифи ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ топаётган, янгиланаётган ва ривожланиш босқичида турган ҳудуд тараққиётига янада кўтаринкилик ва жўшқинлик бағишлади.

Айниқса, халқимиз давлатимиз раҳбарининг ташрифидан чин маънода катта ўзгаришларни кутгани рост. Зеро, ташрифдан асосий мақсад ҳам – аввал қўйилган вазифалар ижросини кўриш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан келиб чиқиб, навбатдаги режаларни белгилашдан иборат бўлиб, сафар давомида саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги лойиҳалари, бунёдкорлик ишлари билан танишиш кўзланганди.


Аҳоли билан учрашиш, хонадонларга ва аҳоли орасига қилинган “бехос” ташриф аҳоли кайфиятини янада кўтариб юборди. Сабаби вилоятга салоҳиятли раҳбарнинг ҳоким этиб қўйилиши, ташриф давомида тақдимотлари бўлган лойиҳаларнинг ҳар бири ҳудуд иқтисодиётини юксалтириш, шаҳару қишлоқлар ободлигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш орқали халқ розилигига эришишдек олижаноб мақсадга қаратилганлигидадир.

Президентимиз томонидан Наманган вилояти ва унинг аҳлини нега бошқа ҳудудларга намуна сифатида кўрсатиши ҳақида гапирганида ишчанлик кайфиятимиз янада кўтарилиб, беихтиёр тўлқинлантириб юборган ушбу сўзлар янада масъулиятимизни оширишимизга ундади: “Наманганликларда тадбиркорлик, бирлашиш, натижага ишлаш деган одат бор. Иш услуби маданияти жуда юқори. Охирги йилларда вилоят раҳбарлари тадбиркорларга давлат берган имкониятларни етказишда замон талабига муносиб ишлаяпти”.

Давлатимиз раҳбари бошқа вилоятларда солиқнинг асосий қисмини йирик корхоналар бажаришини, Наманганда эса ўрта ва кичик бизнес бу вазифани бажаришига алоҳида урғу қаратди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Наманганда янги “ўсиш нуқталари”ни ишга солиш, аҳоли турмушини яхшилаш бўйича маҳаллабай, “маҳалла – ислоҳотчи” тизимини жорий этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Бунда, биринчи навбатда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича маҳаллабай ва “фуқаробай” ишлар жадаллаштирилиши қайд этилди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятига сўнгги 30 йил ичида келмаган маблағ ажратилиши “Наманганликлар даври” келди, демакдир. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда агар шуни тўғри, самарали йўналтириб ишлатсак, вилоятнинг иқтисодиёти жадал ривожланади, ҳамма туманларга саноат кириб боради, одамлар ишли бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Наманган вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 23 триллион 700 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Ушбу 1 минг 728 та лойиҳа орқали 66 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган. 

Бундай улкан рақамлар ортида, катта меҳнат, катта шижоат, катта масъулият ва натижаси ўлароқ катта марралар бизни кутиб турибди. Марра-ғалаба учун қадам боссак, қадамниям дадил боссак, бизга берилган ишончни оқлаган бўламиз. Одамлар ҳам биздан рози бўлади,  халқимиз фаровон бўлади, келажак авлодлар кўзига ғолибона боқамиз. Муҳими, янги Ўзбекистонни шу тариқа барпо этамиз. Бунинг учун фақат юракларимиз ёнмоғи, қадамлардан олов чиқмоғи керак.

Солижон Мўминов,

O`zLiDeP Наманган вилояти кенгаши раиси.
© namangan24.uz

--> -->