Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Учқўрғон тумани Норин дарёси бўйида жойлашган ноёб балиқ турларини ишлаб чиқариш корхонаси DB Group Eco фаолияти билан танишди.

Мазкур корхонага ташриф чоғида давлатимиз раҳбари вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари, хусусан, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, эчкичиликни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди.

Таъкидланишича, Наманган вилоятида 2020 йилда чорвачилик тармоғи бўйича 84 та янги лойиҳа амалга оширилади, гўшт ва сутни қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади. Поп тумани азалдан жун йўналишидаги эчкичилик билан шуғулланишга ихтисослашган.

Мамлакатимиз раҳбари йўқолиб кетган шу тажрибани қайта тиклаш, жун етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил қилиш, Поп ва Чуст туманларидаги 1,5 минг хонадонга 20 мингта қўй ва эчкини шартнома асосида тарқатиш бўйича кўрсатмалар берди.

Паррандачилик йўналишида эса 39 та лойиҳа амалга оширилади, 440 та иш ўрни яратилади. Тижорат банки томонидан асаларичилик йўналиши бўйича ҳам 46 та лойиҳа молиялаштирилади.

Президентимиз асаларичиликни ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш, Наманган шаҳрида 10 минг тонна экспортбоп асал тайёрлаш, қадоқлаш ва сотишга ихтисослашган комплексни ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.

Президент матбуот хизмати.
© namangan24.uz

--> -->