2020 йилдан бошлаб Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш, бюджет маблағларини тақсимловчилар масъулиятини янада ошириш, маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантириш ва ундан фойдаланишда давлат ҳокимияти органларининг эркинлигини таъминлашга қаратилган янги бюджет тизими жорий этилди. Илк бор “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун билан республика бюджети харажатлари вазирлик ва идоралар кесимида Олий Мажлис палаталари томонидан, маҳаллий бюджетлар харажатлари эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланиши белгиланди.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йилга мўлжалланган иш режасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ажратилган давлат бюджети маблағларининг тўғри ва самарали сарфланиши бўйича назорот-таҳлил ўтказиш режалаштирилган эди. Белгиланган режа бўйича шу йилнинг 2-4 ноябрь кунлари Қонунчилик палатаси ва бюджет бошқармаси мутахассислари Наманган вилоятида бўлиб, ўтган тўққиз ойда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ажратилган давлат бюджети маблағларининг тўғри ва самарали сарфланиши юзасидан ўрганишлар олиб борди.

Ўрганишларда вилоят қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасида эришилган ижобий натижалар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, муаммолар аниқланди. Жумладан, 2020 йилнинг молиявий назорат тадбирларида жами 4 та ҳолатда бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган ҳамда бу бўйича ўрнатилган тартибда чоралар кўрилган.

Вилоятида 2020 йилда қишлоқ ҳўжалиги йўналишида 1 278,1 млн. сўмлик 427 та лойиҳани амалга ошириш ва 5801 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шундан жорий йилнинг 1 ноябр ҳолатига 348 та лойиҳа бажарилиб, 2308 та янги иш ўрини яратилган, холос.

Наманган вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ва унинг 12 та туман-шаҳардаги бўлимлари томонидан йилнинг 9 ойи учун давлат бюджетидан 7 435,9 млн.сўм ажратиш режалаштирилган, амалда эса 6 768,4 млн.сўм ўзлаштирилган. Яъни, ўзлаштириш даражаси 91,0 фоизни ташкил қилган. Вилоят ҳудудий “Чорванасл” марказига 9 ойда маҳаллий бюджетдан 836,8 млн. сўм ажратилган, амалда 800,8 млн. сўм харажат қилинган ёки режа 96% фоизга бажарилган.

Маълумки, давлат ихтиёрида бўлган энг йирик пул жамғармаси бу давлат бюджети ҳисобланади. Мамлакатнинг даромадлари ва харажатларини ўзида ифодаловчи давлат бюджети асосан солиқлар ҳисобига шакллантирилади. Яъни, бюджет халқнинг пешона териси ҳисобига тўлдирилиб борилади. Шу маънода, бу давлат чўнтагида турган халқ пулидир. Шундай экан, халқнинг пулини талон-тарож қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва унинг ҳар бир тийинидан тўғри ва самарали фойдаланиш лозим.

Аъзамжон Тўлабоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” партияси фракцияси аъзоси.

© namangan24.uz

--> -->