Ўзбекистон суперлигасида ёзги трансфер “ойнаси” очилиб, айни пайтда жамоалар ўз таркибида қатор ўзгаришларни амалга оширишга киришган. Хусусан, жорий мавсумда ўз олдига Осиё чемпионлар лигасига йўлланма олишни кўзлаган “Навбаҳор” ўз сафини маҳоратли футболчилар билан тўлдиришга эътибор қаратмоқда.

Миллий терма жамоамиз ва Тошкентнинг “Локомотив” клуби аъзоси Даврон Ҳошимов эндиликда “Лочинлар” шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. “Навбаҳор” раҳбарияти 27 ёшли ҳимоячи билан бир ярим йиллик муддатга мўлжалланган шартнома имзолади.

Маълумот ўрнида, Даврон Ҳошимов футболчилик фаолияти давомида “Пахтакор”, “Навбаҳор” “Локомотив” жамоаларида тўп сурган. У 2018 йилги мавсумда “Навбаҳор” клуби таркибида 24 та ўйинда майдонга тушиб, 2049 дақиқа ҳаракат қилган, чемпионат бронза медалини қўлга киритган.

Бир ярим йиллик танаффусдан сўнг “Лочинлар” ихтиёрига қайтган Даврон Ҳошимов Жанубий Кореянинг “Кей-2” лигасидан тушган таклифларни рад этгани ва “Навбаҳор”га қайтишини шундай изоҳлади:

-Олдимда хориждан 50х50 вариантлар ҳам йўқ эмасди. Аммо мен 100 фоизлик аниқ таклиф билдирган “Навбаҳор”ни танладим. Бу жамоага келишдан аввал олдимга катта мақсад қўйдим. “Навбаҳор”ни Осиё чемпионлар лигасига чиқишига ўз ҳиссамни қўшишни истайман ҳамда бу ердаги бир ярим йиллик фаолиятим давомида четдан 100 фоизлик аниқ таклиф бўлишини кутиб қоламан.

Оқилхон Дадабоев,

namangan24.uz ахборот-таҳлилий портали бош муҳаррири.

--> -->