Россиялик миллиардер, келиб чиқиши наманганлик бўлган таниқли тадбиркор Алишер Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасидаги тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун 20 миллион доллар ажратди.

Ушбу маблағ Тошкент вилояти Зангиота туманида коронавирус сабабли юртимизга олиб келинган ватандошларни карантинга олиш учун зарур бўладиган шифохона жиҳозланиши учун сарфланади.

Таниқли тадбиркор Алишер Усмонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” фондига ўз ҳисобидан шу кунларда жадаллик билан бунёд этилаётган мазкур шифохона қурилишига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида ушбу шифохонани энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш учун 20 миллион доллар миқдорида маблағ ажратди.

Бу маблағ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан бунёд этилаётган мазкур шифохонани зарур тиббий ускуналар билан таъминлашга йўналтирилади.

Эътироф этиш жоиз, ватандошимиз Алишер Усмонов коронавирусга қарши курашиш учун “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига инсонпарварлик маблағини ажратгани ҳамюртларимизга аввало руҳий мадад бўлди. Бу кўмак қанчадан-қанча юртдошларимизнинг ҳаёти, соғлигини ҳимоя қилишга йўналтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов она юрти Намангандаги “Обод қишлоқ” дастури учун 50 миллион доллар миқдорида ҳомийлик қилганди. Мазкур маблағларга вилоятимиз аҳолиси учун шинам ва қулай бўлган уйлар, йўллар барпо этилди.

© namangan24.uz

--> -->